Ижтимоий тармоқ саҳифаларида Тошкент шаҳридаги мактабда 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани мазмунидаги видео хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ММТБ Матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, 27 ноябрь куни тахминан соат 18:15 да Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли умумтаълим мактаби 8-“И” синф ўқувчиси А.А. мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида тоби қочган ва ҳушидан кетган.
Шу вақтни ўзида мактаб қоровули томонидан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган. Ўқувчи тез ёрдам машинасида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига олиб кетилган. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази шифокорлари томонидан ёрдам кўрсатилганлигига қарамай, А.А. ўзига келмаган ва вафот этган.
"Ўқувчини ток урмаган ва мазкур ҳудудда ҳеч қандай электр токи кабели узилган ҳолати кузатилмаган. Мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергиясининг узатгичлари борлиги аниқланмади", - дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.