Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Ёшлар ишлари агентлиги матбуот-клуби залида кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва бепул аудиокитобларнинг биринчи онлайн кутубхонаси "Kitob Plus" лойиҳасининг гибрид форматдаги тақдимоти бўлиб ўтади.
Ҳозирда Ўзбекистонда 70 мингдан ортиқ кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, улар ҳар куни ахборотдан фойдаланиш ва махсус технологияларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Таъкидланишича, "Гапирувчи" китоблар – аудиокитоблар - кўзи ожиз ва заиф кўрувчи инсонлар ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда аудиокитоблар бозори босқичма-босқич ривожлана бошлаганига ва аудиокитобларни тинглаш учун турли мобил иловалар ишлаб чиқилаётганига қарамай, мавжуд аудиокитоб платформалари қимматлиги ва кўзи ожизлар эҳтиёжларига мослаштирилмаганлиги сабабли кўриш бўйича ногиронлиги бор кўплаб одамлар учун улардан фойдаланишга турли хил тўсиқлар бор.
Шу пайтгача кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун аудиокитобларни очиқ ва қулай форматларда бирлаштирган ягона онлайн платформа мавжуд эмас эди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – Ўзбекистондаги кўриш бўйича ногиронлиги бор шахслар учун барча аудиокитоблар, радио спектакллар ва бошқа аудио материалларни бир жойда жамлайдиган, қулай ва бепул веб-сайт ва унинг "Kitob Plus" мобил иловасини яратишдан иборат.
Лойиҳанинг дастлабки босқичларида бугунги кунда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 500 та аудио китоб ва 300 та радио спектакль тақдим этилади.
Тақдимот 2023 йил 30 ноябрь соат 14:00 дан 16:00 гача Ёшлар ишлари агентлигининг пресс-клуб залида (Манзил: Тошкент ш., Алишер Навоий кўчаси, 11А) гибрид форматда (You Tube'да жонли эфирда) бўлиб ўтади).
Тадбирнинг асосий тиллари: ўзбек ва рус.
Лойиҳа тақдимотида иштирок этиш учун қуйидагилар таклиф этилади:
маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, шунингдек, блогерлар;
кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодаловчи жамоат ташкилотлари;
таълим, ахборот технологиялари ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи давлат органлари вакиллари;ҳамкорлар ва "Kitob Plus" лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор бизнес вакиллари.
Офлайн режимда қатнашиш учун қуйидаги телефонлар орқали олдиндан рўйхатдан ўтиш керак:
+998 (97) 708-73-31,
+998 (99) 831-69-83.