Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда биринчи қаватдаги ресторан аҳолига ноқулайлик туғдиргани учун ёпилди

Шота Руставели кўчасида кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги "Ялпиз" ресторани аҳолига қатор ноқулайликлар келтиргани учун вақтинча ёпиб қўйилди.

297views0replies
0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси 59-уйда истиқомат қилувчи аҳолидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат келиб тушган. Унга кўра, кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган "Ялпиз" ресторани ўз фаолияти билан шу уй аҳолисига қатор ноқулайликлар келтириши айтилган. 
Қайд этилишича, рестораннинг уй ҳовлисида жойлашган хўжалик қурилмасида ресторан раҳбарияти томонидан ошхона ташкил қилиниб, ресторан дудбўронлари, кондиционерлар қаторида таомларни тайёрлаш учун иссиқлик ускуналари, шу жумладан мангал ўрнатилгани, мангал кўмирда ёқилиши ва бу кўп қаватли уй учун ёнғин хавфини келтириб чиқариши важ қилинган.
Шунингдек, бевосита аҳоли деразаларига яқин жойлашган дудбўронлардан чиқаётган шовқин ва қовурилган таомларнинг ҳиди, аҳоли учун катта ноқулайлик туғдириши айтилган. Бундан ташқари, ресторан ходимлари томонидан уй ҳовлисида чиқиндилар ташлаб кетилиши келтирилган.
Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар ҳокимлигининг назоратига олинди ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ёрдамида тегишли ўрганиш ва текширувлар олиб борилди.
Натижада, 25 ноябрь куни умумий овқатланиш масканининг раҳбарияти томонидан фаолиятда қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, уларни белгиланган муддат ичида бартараф этиш мажбурияти юкланди. Шу жумладан, Шота Руставели кўчаси 59-уй ҳовлисида жойлашган ускуналарни бошқа, аҳолига ноқулайлик туғдирмайдиган жойга кўчириш белгиланди ва рестораннинг фаолияти камчиликлар бартараф этилишига қадар тўхтатилди.
297views0replies
0

Комментарии