Бугун, 24 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига электр энергиясини тақсимлайдиган "Сағбон" подстанциясида юзага келган носозлик сабаб туманнинг кўплаб аҳолиси электр энергиясисиз қолди. Бу подстанцияда бугун юзага келган носозлик йил бошидан буён биринчиси эмас.
Тошкент шаҳар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Telegram-каналида 2023 йилнинг бошидан ҳозирги кунгача берилган маълумотларга қаралса, мазкур подстанцияда камида 6 марта авариявий ҳолатлар кузатилган. Шу вақт ичида подстанция камида 7 марта таъмирланган ёки трансформаторлар алмаштирилган. Ҳар бир авария ёки ремонт вақтида Олмазор туманининг кўплаб аҳолиси электр энергиясисиз қолмоқда.
Тошкент шаҳар “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг берган маълумотларига кўра, жорий йил март ойида “Сағбон” подстанциясидаги мавжуд носоз трансформатор ўрнига 40 000 кВА бўлган юқори кучланишли трансформатор ўрнатилган бўлса, май ойида подстанциядаги қуввати 25 000 кВА бўлган куч трансформаторининг қувватини 40 000 кВА қувватга алмаштириш ишлари олиб борилган.
Аммо, бугун ҳам подстанциядаги авариявий ҳолат сабаб туманнинг кўплаб аҳолиси электр энергиясисиз қолган. Қайд этилишича, айни вақтда подстанциядаги носозлик тезкор бригада ходимлари томонидан бартараф этилмоқда. Тез орада носозлик тўлиқ бартараф этилиб, тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилиши тўлиқ тикланади.
Маълумот учун, “Сағбон” подстанцияси 1968 йилда ишга туширилган бўлиб, 38 та фидер орқали 17 та маҳаллага электр энергиясини тақсимлайди. Умумий аҳоли истеъмолчилари сони 19 минг 120 тани ташкил этади.