Ижтимоий тармоқларда Қўрғонтепа “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат-уйининг собиқ директори М.М. 4 млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси Матбуот хизмати расмий баёнот берди.
Аниқланишича, вилоят прокуратураси томонидан “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат-уйида амалга оширилган қурилишлар давомида жами 1 млрд 74 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган. Натижада ушбу қурилишни амалга оширган жамиятлар ҳамда интернат-уйининг мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
"Ҳозирда жиноят иши юзасидан Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вилоят прокуратураси томонидан жиноят ишининг тергови устидан назорат ўрнатилган",- дейилади хабарда.