Ўзбекистонда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларга чалинишнинг асосий улуши Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортгани кузатилмоқда. Шу боис эҳтиёт чораси сифатида вазирлик мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.
Мазкур масала юзасидан бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов йиғилиш ўтказган.
Вазир шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берди.
Сўнгги кунларда аҳолидан тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли “103” хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилди.
Шунингдек, жорий йил 25 ноябрдан вазирлик томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 29 та тўлиқ жиҳозланган “Isuzu” русумдаги автомашиналари тиббий бригадалар билан доимий фойдаланиш учун ажратилиши айтиб ўтилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда ЎРВИ касаллигига чалиниб, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг маълум қисми стационар давога муҳтож эмас.
Шу сабабли йиғилишда оилавий поликлиника шифокорларига ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган беморларни амбулатор шароитда даволаш бўйича зарур тавсиялар бериш учун ихтисослаштирилган марказлардаги педиатрлар ва барча тор доирадаги мутахассислар жалб этилиши лозимлиги қайд этилди.