Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги давлат инспекторлари томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.
Тошкент шаҳар Бектемир туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ҳудудида олиб борилган назорат тадбири давомида дарёнинг қирғоғидаги муҳофаза минтақасида (дамба) 1 дона экскаватор ва 2 дона Shacman юк машинаси ёрдамида қум-шағал маҳсулотлари қазиб олиниб, ушбу ҳудудда жойлашган тош майдалаш ва қайта ишлаш цехига ташиб олиб кетилаётганлиги аниқланди.
"Қум-шағал маҳсулотлари қазилган жойда ўлчов ишлари олиб борилиши натижасида жами 57 833,53 м3 қум-шағал маҳсулоти ноқонуний қазиб олингани, бу билан табиатга 34 миллиард 718 миллион 624 минг 729 сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди", - дейилади хабарда.
Таъкидлаш жоизки, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддаси ҳамда "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддаси талаблари бузилган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.