"Миллий гвардия тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унга кўра, 30-модданинг иккинчи қисми "а" кичик бандидаги ва бешинчи қисмидаги "резина" сўзи “резина ва махсус” сўзлари билан алмаштирилди. Шунга кўра, эндиликда Миллий гвардия ходимлари нафақат резина таёқлардан, балки махсус таёқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.
Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирги кунда, АҚШ, Франция, Испания, Буюк Британия, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Беларус давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус бўлинмалари томонидан жамоат тартибини сақлаш, оммавий тартибсизликларни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарларни қўлга олиш жараёнида резина таёқлар билан биргаликда, телескопик ва пластик таёқлардан кенг фойдаланиб келинмоқда.
Шунингдек, телескопик таёқларни шахсий таркиб хизмати мобайнида йиғилган ҳолатда олиб юриш имкониятига эга бўлиб, металлдан тайёрлангани сабабли, фаол қаршилик кўрсатган тартиббузарларни "бўйсундириш", “кузатиб олиб кетиш”, совуқ қуролли ҳужумни бартараф этиш, хизмат отларида туриб фойдаланиш учун қулай ҳисобланади ҳамда ундан, зарурат бўлганда “транспорт воситаларининг ойнасини синдиришда” ҳам фойдаланиш мумкин.
Маълумот ўрнида, ушбу қонун лойиҳаси 20 ноябрда порталга муҳокама учун жойлаштирилган бўлиб, 5 декабргача давом этади.