Авввалроқ, шифокор аёл ва бемор жанжаллашгани, шифокорга стул отган йигит Прокуратура органи ходими бўлмаганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Хабарга кўра, ушбу ҳолат жорий йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасида содир бўлган.
Аниқланишича, шу куни соат чамаси 16:00 атрофида 2001 йилда туғилган фуқаро С.А. қабулхонанинг юз-жағ жарроҳлиги хонасига ютинишдаги оғриқлар, чайнашнинг қийинлиги, иккала томон жағ ости соҳасидаги шиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Бу пайтда шифокор Д. Муҳитдинова навбатчиликда бўлган.
Фуқаро шифокор томонидан кўрилганда, бурун-ҳалқум ва бодомсимон безлар гиперемиялашиши катталашгани, гиперемия бутун оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига тарқалгани, икки томонлама жағ ости ва бўйин лимфа тугунлари симметрик катталашгани ҳамда тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори эканлиги аниқланган.
Шунга кўра, шифокор томонидан бемор вирус этиологияли ринофарингит ёки инфекцион мононуклеозга гумон қилиниб, вирусолог-мутахассис кўригига юборилган. Бундан эса у ва яқинлари норози бўлиб, шифокорга ўта қўпол муносабатда бўлган ва унга қарата стул отган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.