Туризм қўмитасининг хабар қилишича, жорий йилнинг 1 ноябридан “Умра” тадбирини ташкил этиш бўйича янги талаблар кучга кирди.
Қайд этилишича, "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид туризм хизматларини кўрсатмоқчи бўлган тақдирда, лицензия талабгори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармаси учун очилган банк реквизитига захира қилиши керак бўлади.
"Ҳурматли юртдошлар, “Умра” зиёратига боришда махсус лицензияга эга бўлмаган туроператорлар хизматидан фойдаланишда огоҳ бўлишни ва кейинчалик турли хил кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмаслик учун лицензияга эга бўлган туроператорлар билан ҳамкорликда ишлашни тавсия этамиз", дейилади Туризм қўмитаси ахборот хизмати хабарида.
Умра тадбирини амалга ошириш учун рухсат берилган (лицензияга эга) туроператорлар рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.
Мазкур рўйхатда туроператорлар рўйхат ва ишлаш сифати бўйича сараланган. Рейтингда Турфирма ходимлари тажрибаси ҳамда муомала маданиятидан қониқиши, зиёрат ҳақида маълумотларни тақдим этишидан қониқиш, зиёрат дастуридан қониқиш кабиларга баҳо берилган.