Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда мактаб директори лейтенант олдида ўқувчини сўкиб, калтаклади — видео

Интернетда тарқалган видеога расмий изоҳ берилди.

1102views1replies
0

Видеодан кадр

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 217-мактаб директорининг ўқувчини калтаклагани акс этган видео хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан пойтахт Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди.
Қайд этилишича, видеода тасвирга олинган воқеа жорий йил 19 сентябрь куни рўй берган. Шу куни 217-мактаб 8-"Б" синф ўқувчилари А.М. ҳамда Ш.И.лар синфхонада ўзаро муштлашиб қолган. А.М. синфдошининг юзига мушт тушириб, тан жароҳати етказган. 
Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқувчиларни директор хонасига чақиришган. Мактаб директори Я.Ш., маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Г.Х., Чилонзор туман ИИО ФМБ ҲПБ ВEМБ инспектор психологи, катта лейтенант М.И. гувоҳлигида ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган. А.М.га танбеҳ бериш чоғида мактаб директори жаҳл устида уни сўкиб, калтаклаган ва тартибга чақирган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари, мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, ИИБ ходимлари ва ота-оналар иштирокида ҳам йиғилиш ўтказилган. Айни пайтда юқоридаги ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда.

"Ҳурматли педагоглар!

Ўқувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, жумладан, уларни ҳақоратлаш, калтаклаш педагог этикасига тўғри келмаслигини, бунинг учун қонунчилигимизда жазо чоралари белгилаб қўйилганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Юқоридаги каби хунук ҳолат педагог обрўсига путур етказади, холос", - дейилади хабарда.

1102views1replies
0

Комментарии