Ҳукумат қарори билан Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, ариза берувчи имтиёзни олиш учун ўз хоҳишига кўра ЯИДХП (my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтади. Сўровнома тўлдирилиб, унга тегишли зарур ҳужжатлар илова қилинади.
Сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди. Сўровномани кўриб чиққанлик учун тўлов ундирилмайди.
Солиқ органлари сўровнома тушган кундан бошлаб 5 иш кунида ариза берувчига даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилган ёки қўлланилмаганлиги ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган хабарномани ЯИДХП орқали юборади.
Даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 15 кун ичида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси тўловларни амалга оширади.
Маълумот учун, даромад солиғи имтиёзидан фарзанди, турмуш ўртоғи ёки ўзи ОТМда ўқиётган фуқаролар, фарзандига НТТ ёки мактабларда кўрсатилган таълим учун ҳақ тўлаётган ота-оналар фойдалана олишади.