Кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жами 800 млн АҚШ долларигача миқдорда ресурслар жалб қилинади. Бу бўйича президент Шавкат Мирзиёев тегишли қарорни имзолади.
Унга кўра, 300 млн АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш;
150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш белгиланмоқда.
2023 йил 15 декабрга қадар, ҳудудлар ва давлат дастурлари йўналишлари кесимида 2024 йилда 2 млн аҳолини бизнесга жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилади.
2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар, давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган товарларни (маҳсулотларни) давлат буюртмачиларига бир молия йили давомида жами 10 млрд сўмгача қийматда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 июлдан бошлаб, кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади;
кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;
ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;
давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.