“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг тезкор тузилмалари ва “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан ДХХ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро номига Хитойдан юборилган жўнатма божхона кўригидан ўтказилган. Жўнатмада ҳужжатларда кўрсатилганидек, кийим-кечак ва косметика воситалари эмас, аксинча 4 кг 94 грамм оғирликдаги “тестостерон” ва “андростенедион” кучли таъсир қилувчи моддалари борлиги аниқланган.
Миробод туманида давом эттирилган тезкор тадбирда ушбу моддаларни қабул қилиб олиши керак бўлган шахс ҳам қўлга олинган.
Яна бир жўнатмада ҳам 4 кг 3 гр "андростенодион" ва "тестестерон" номли кучли таъсир этувчи моддалар борлиги аниқланиб, Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонлардан биридаги тезкор тадбирда ушбу жўнатмани қабул қилиб олаётган шахс ҳам тўхтатиб қолинган.
Тадбир давомида ушбу хонадон кўздан кечирилганида, бу ерда 12 кг 312 грамм оқ рангли кукунсимон модда, катта эҳтимол билан кучли таъсир қилувчи модда борлиги маълум бўлган.
Хонадондан топилган 1 дона идишдаги номаълум суюқлик, 5 дона колба, 1 дона тарози, қадоқлаш воситалари ҳамда 4865 АҚШ доллари нақд хорижий валютаси бу ерда кучли таъсир қилувчи моддалар сотиш учун тайёрланган деган хулосага келишга сабаб бўла олади.
Маълумот ўрнида, “тестостерон” ва “андростенедион” кучли таъсир қилувчи моддалар сирасига кириб, уларнинг реализацияси ва сотиш фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали амалга оширилади.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.