ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Элликқалъа туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда "Кичик Гулдирсин" МФЙдаги хонадонлардан бирида яшовчи С.А. ўз уйида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётганлиги аниқланган.
Натижада 157 дона “Русская водка” номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, 865 дона қалбаки акциз марка, 160 литр спирт, 21 190 дона бўш шиша идишлар ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Беруний туманидаги тезкор тадбирда фуқаро З.А. қўлбола усулда 120 дона «Қаратау» номли алкоголь маҳсулоти ва 120 литр спирт тайёрлаганлиги маълум бўлган.
Бундан ташқари, Қарши шаҳрида фуқаролар А.А. ва А.Т. қўлбола усулида ясалган 480 дона "Шаҳрисабз ароғи" номли алкоголь маҳсулотини фуқаро Б.К.га ўтказиш мақсадида олиб келган вақтларида ушланиб, жами 588 дона қалбаки алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.