Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, Сангардак қишлоғига туризм қишлоғи мақоми берилиши муносабати билан тадбир ўтказилган. Тадбирда Туризм қўмитаси раиси У.Шадиев, вилоят ва туман ҳокимликлари, туризм бошқармаси мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган.
Тадбир давомида Сангардакка туризм қишлоғи мақомини берувчи сертификат топширилган.
"Сангардак" шаршараси билан дунёга довруғи кетган маҳалла кейинги йилларда янада кўркам ва обод қишлоққа айланди.
Таъкидланишича, масжид, ошхона ва бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчалари қурилиб, 50 ўринли меҳмонхона, 200 ўринли санаторий, 23 та меҳмон уйи ташкил этилган. Бундан ташқари “Сангардак чеварлари” тикувчилик корхонаси ишга туширилган.
"Яқин орада бу қишлоқ билан Қашқадарёни боғлайдиган янги автомобиль йўли ишга туширилади. Бу йўл пойтахтдан сайёҳларнинг воҳага келишини 4-5 соатга қисқартиради", - дейилади хабарда.