“Шовот” чегара божхона пости орқали “яшил” йўлакдан ҳаракатланган йўловчи 520 граммдан зиёд оғирликдаги билакузукларни қўл юки орасида олиб чиқишга уринган. Бу ҳақда Хоразм божхона бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, никель, мис, калай ва кумуш аралашмасидан қўлдан ишланган ушбу билакузуклар XX аср бошларига мансуб бўлиб, тарихий-бадиий қийматга эга маданий бойлик ҳисобланади.
ЖИБ Шовот туман судининг қарорига асосан, ушбу қадимий ашёлар давлат эгалигига ўтказилиб, Хива “Ичан-қалъа” давлат музей қўриқхонасига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликларни республика ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.