9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди.
ИҲТ доирасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Давлат раҳбари товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган Савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди.
Аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмаслигини қайд этиб, Ўзбекистон президенти трансқитъавий транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли ва Трансафғон мультимодал йўли лойиҳаларини ишга тушириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбари ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш, уларни ҳимоя қилиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиб, унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда юртимизда ўтказиш муҳимлигини қайд этди.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш доирасида миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти ошиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ИҲТ Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этиш таклиф қилинди.
Иқлим билан боғлиқ хатарлар ортиб бораётгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди. 2024 йилда бўлажак Самарқанд иқлим форуми доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформанинг биринчи анжуманини ўтказиш таклиф қилинди.
Туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳиятни ва трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик маршрутларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтиришни таклиф этилди.
Президент ИҲТ Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ҳамда унинг илк учрашувини ташкилотнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш таклифини билдирди.
Кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти саммит раиси сифатида ташкилотнинг илм-фандаги муваффақиятлар учун мукофоти ғолибларини эълон қилди. Ҳар бир мамлакатдан бир нафар вакил мукофотга сазовор бўлди. Тадбир якунида Тошкент коммюникеси қабул қилинди.
Ташкилотга раислик Эронга ўтди, навбатдаги саммит Озарбайжонда ўтказилиши белгиланди.