ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Андижон вилояти Хўжаобод туман прокуратураси терговчиси ва Самарқанд вилояти Пастдарғом прокурори ёрдамчиси пора олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Андижон вилояти Хўжаобод туман прокуратураси терговчиси туман ИИБнинг тергов бўлими томонидан ЖКнинг 168-моддаси ва 221-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва тергов ҳаракатлари давомида енгиллик яратиб бериш эвазига 5 000 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, терговчи сўралган пулни умумий овқатланиш масканида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тергов жараёнида терговчига ушбу пулларни олиш бўйича кўрсатмани туман прокурори ўринбосари берганлиги тўлиқ исботланиб, у ҳам қамоққа олинди.
Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Пастдарғом тумани прокурори ёрдамчиси туман ИИБ тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят ишида айбланувчи сифатида ўтаётган фуқарога нисбатан суд жараёнида енгиллик қилиш ва суд идораларида ишловчи танишлари орқали қамоқдан чиқариш эвазига унинг қариндошларидан 3 000 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда прокурор ёрдамчиси сўралган пулдан 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан вилоят прокуратуралари томонидан ЖКнинг 168 (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.