Лойиҳага кўра, норезидентлар Ўзбекистон банкларида очилган миллий валютадаги ҳисобварақларига қонуний йўл билан топилган маблағлари тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар асосида киритилади ва улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил равишда фойдаланадилар.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олишда хизмат кўрсатувчи банкларга тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Унда мижоз номи, валюта тури ва суммаси, сотиб олиш ёки сотиш курси ва яна бир нечта маълумотлар кўрсатилиши шарт.
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун буюртмалар хизмат кўрсатувчи банкларга масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон кўринишда ҳам тақдим қилиниши мумкин.
Тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган буюртмаларни хизмат кўрсатувчи банк филиали томонидан дастлабки назоратдан ўтказиш, агар яққол камчиликлар мавжуд бўлса уларни бартараф этиш учун мижозларга қайтариш механизми амалиётга жорий қилинмоқда.
Лойиҳада қайд этилишича, норезидент жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг чет эл валютасидаги маблағларини республика ҳудудида қонуний йўл билан топилганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида ҳам банк кассасига қабул қилиниши мумкинлигини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.