Тошкент шаҳар Чилонзор туманида оммавий пичоқбозлик бўлгани ва 3-4 та одам пичоқлангани айтилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати Ҳаёт Шамсутдинов UzNews.uz'га маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 5 ноябрь куни соат 21:00 атрофида 1993 йилда туғилган А.Н. РШТЁИМга кўкрак қафаси чап томонлама кесилган-санчилган жароҳати ташхиси билан мурожаат қилган ва тез-тиббий ёрдам кўрсатилган. У шифокорларга ўз эҳтиётсизлиги туфайли йиқилиб тушганлигини айтган.
Терговга қадар суриштирув ишлари давомида жорий йил 5 ноябрь куни соат 19:00 атрофида Чилонзор тумани 19-мавзеда жойлашган деҳқон бозори ёнида жойлашган савдо дўконида А.Н. фуқаро О.К. билан ўзаро тортишиб қолган.
Олинган дастлабки маълумотга кўра, жанжал ўртадаги қарз сабабли келиб чиққан.
Воқеа жойига Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, тергов тезкор-гуруҳи, ИИО ФМБ ЖҚБ шахсий таркиби, тун хизматида бўлган профилактика инспектори ва Миллий гвардия ходимлари чиқишган.
Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ЖҚБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.