Бугун, 3 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро мавзусига тўхталди.
"Бугун дунёда ишонч инқирози кучаймоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар пайдо бўлиб, халқаро ҳуқуқ нормаларидан четга чиқиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Яқин Шарқда азалдан мавжуд бўлган Фаластин-Исроил муаммоси ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни алоҳида ташвишга солмоқда. Қуролли тўқнашувлар пайтида тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳатлар сони кескин ошди.
Шу муносабат билан биз томонларни жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга, ўт очишни тўхтатишга ва гуманитар мақсадларда сулҳ тузишга рози бўлишга чақирамиз. Бу муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими бу можарони "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал қилишдир", деди президент.
Давлат раҳбари, шунингдек, БМТ резолюцияларида Фаластин халқи мустақил давлат яратиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилганини таъкидлади.
Якунда Шавкат Мирзиёев ТДТ аъзолари бу борада якдил ва қатъий позициясини эълон қилишлари кераклигини таъкидлади.