Марказий банк 2023 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича тайёрланган “Молиявий барқарорлик шарҳи”да автокредитлар борасида тижорат банкларини огоҳлантирган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши натижасида импорт учун божхона тарифларининг қисқариши, шунингдек, мамлакатда қўшимча автоулов ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилиши автоулов бозоридаги таклиф ҳажмини ортишига хизмат қилади. Бу эса, ички бозорда автоулов нархларининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Автоулов нархларининг арзонлашиши натижасида тижорат банклари томонидан автокредитлар ажратишда гаров сифатида қабул қилинган автоуловларнинг бозор қиймати камаяди. Бунда, ажратилган автокредитлар етарлича гаров таъминоти билан таъминланмаслиги юзага келиши мумкин. Натижада, қарз олувчиларда кредит тўлашдан кўра гаровдан воз кечиш эҳтимоли юқорилаб, тижорат банкларида автокредитлар бўйича муаммоли кредитларнинг улуши ва кредит йўқотишлари ҳажмининг ортиши кузатилади.