Олий Мажлис Сенат Матбуот хизматининг хабарига кўра, Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонунга кўра, йўл участкаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки таъмирлаш бўйича ишлар бажарилаётганда йўлнинг мазкур участкаларидаги қатнов қисмининг кўпи билан 50 фоизи ўтиш учун чекланиши ёки ёпилиши мумкин. Йўл участкаларида қатнов қисмининг 50 фоизидан кўпроғини ёпиш зарур бўлган тақдирда мазкур йўл участкаларини айланиб ўтиш таъминланиши керак.
Қонун билан кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларнинг белгиланган чегараларида тўхтаб туриш жойларини қуриш тўғрисидаги қарорлар ҳудудни режалаштириш бўйича тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилиниши белгиланмоқда. Бунда қурилиш ишлари шаҳарсозлик нормаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Тўхтаб туриш жойларини жойлаштириш экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига салбий таъсирни камайтириш ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши қайд этилмоқда.
Шунингдек, электр двигателда ишлайдиган транспорт воситалари учун алоҳида жойлар ажратилиши ва бундай жойларда электр қувват манбаларига уланиш имконияти яратилиши мумкинлигининг белгиланмоқда.
Қайд этилишича, қонунда пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар, пулли тўхтаб туриш жойлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам алоҳида модда билан белгиланмоқда.
Мазкур “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.