Поиск
RUUZ

Общество

Энди рақобат қўмитаси ходимлари тендер комиссиялари таркибига киритилмайди

Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ушбу қарор манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тендерларни текширишда холислигини таъминлашга хизмат қилишини маълум қилди.

145views0replies
0

UzNews.uz

Эндиликда рақобат қўмитаси ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди. Бу бўйича қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг мазкур қарор юзасидан тушунтириш беришича, монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан назоратни амалга оширади. 
Рақобат қўмитаси ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилиши, кейинчалик танлов (тендер) комиссиялари ишини текширишда манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.
“Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва танлов (тендер)ларни текширишда холислигини таъминлаш мақсадида монополияга қарши органнинг ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмаслиги мақсадга мувофиқ. Ушбу норма ҳам халқаро экспертлар тавсияси асосида ишлаб чиқилган”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, киритилаётган ўзгартиришларга кўра, рақобатга қарши келишув тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган шахс бу ҳақида монополияга қарши кураш органига биринчи бўлиб ихтиёрий хабар қилса, унга молиявий санкциялар қўлланилмайди.
Монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликнинг иқтисодий таъсири паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига молиявий санкциялар белгилаш ва ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмайди, уларга профилактик тушунтириш тадбирлари амалга оширади.
Собиқ депутат Расул Кушербаев мазкур ўзгаришларни танқид остига олиб, “монополияга қарши курашувчи органнинг бутун тиши қолдими ўзи?" дея изоҳ сўради. 
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг хабарига кўра, ушбу тартиб халқаро тажрибани (Нидерландия, Венгрия ва бошқа Европа иттифоқи мамлакатлари) инобатга олиб белгиланмоқда.
145views0replies
0

Комментарии