Мазкур ҳолат жорий йилнинг 15 октябрь куни Самарқанд вилояти Оқдарё тумани "Тараққиёт" маҳалласидаги хонадонлардан бирида юз берган. Бу ҳақда "Миллар" дастури хабар берди.
Аниқланишича, кечки соат 16-17:00 атрофида хонадонда ис газидан заҳарланиш ҳолати юз берган. Вафот этганларнинг энг кичиги 4 ёш атрофида бўлган.
Қўшни аёл ҳолатни қуйидагича изоҳлади.
“Улар кўчиб кетган, шанба –якшанба куни келиб, уйларини тозалаб, хабар олиб кетарди. Газ трубаси тўлиб қолганми, билмадим. Мен келаётганимда ўғли дод-вой қилиб, бақирди. Биз кирганимизда хонани газ қоплаган, ҳамма ўлиб бўлган эди".
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz'га маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан шу йилнинг 15 октябрь куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.