"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ масъуллари Ўзбекистондаги сайёҳлик компаниялари билан учрашди, дея хабар қилмоқда жамият Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, яқинда поезд чипталари тақчиллигига қарши курашиш мақсадида "1 та паспорт – 1 чипта" тизими яқинда жорий этилган . Энди бошқа мижозлар шахсий сабабларга кўра саёҳатни бекор қилсалар, туроператорлар бошқа йўловчилар учун чипталарни қайта расмийлаштира олмайди.
Илгари туроператорлар битта паспорт учун сотиб олинган барча чипталарни сайёҳларнинг якуний рўйхатига мувофиқ қайта расмийлаштириши мумкин эди. Бироқ, янги қоидалар бунга йўл қўймайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, чипталарни сотишнинг белгиланган қоидаларига кўра, фақат алоҳида ҳолларда чиптани бошқа шахсга қайта расмийлаштириш мумкин, лекин гуруҳлар учун эмас.
Эрта бронь қилиш муаммоси ҳам муҳокама қилинди. Кўпгина сайёҳлар ўз саёҳатларини чипталар сотувга чиқарилишидан анча олдин режалаштиришади (чипталар жўнаш кунидан 45 кун олдин сотилади), бу эса туроператорлар учун қийинчиликлар туғдиради.