Римда Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли ва Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров ўртасида дипломатик миссияси якунлангани муносабати билан учрашув бўлиб ўтди, деб ёзади "Дунё" ахборот агентлиги.
Эдмондо Чириелли дипломатик миссия раҳбарининг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолади ва Италия Ташқи ишлар вазирлиги номидан икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, уларга кўп қиррали ва барқарор характер бағишлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистоннинг 2 та фахрий консуллиги Флоренция ва Миланда ташкил этилган, Италиянинг бошқа минтақаларида ҳам фахрий консулликлар ташкил этиш режалаштирилган.
Айни пайтда Италия билан амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳалар пакети 9 миллиард евродан ошади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон вилоятлари билан Италия ҳудудлари ўртасида, хусусан, Ломбардия, Тоскана, Венето, Умбрия, Кампания, Марче, Абруссо ва Эмилия-Романя билан тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил август ойида Италияга элчи этиб тайинланган Отабек Акбаров бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Грециядаги элчиси ҳамда республиканинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) даги доимий вакили сифатида ҳам фаолият юритган.