Ўтган йили истеъмол қилинган 39 миллиард куб метр сувнинг 36 фоизи тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бораётгани таъкидланди. Қайд этилишича, сўнгги икки йилда сув хўжалигига, жумладан сув тежовчи технологияларга катта миқдорда субсидия ажратилган.
Ерларнинг 70 фоизи эски усулда суғорилгани боис, 5-6 миллиард куб метр сув беҳуда сарфланиб, коллекторларга ташланаётгани айтилди. Бугунги кунда 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 7 миллиард киловатт соат электр сарфланади. Лекин, 80 фоиз насослар 35-40 йилдан бери ишлатилиб, ўз ресурсини ўтаб бўлган.
Давлат раҳбари сув хўжалигидаги бундай вазиятдан чуқур ташвишдалигини қайд этиб, соҳа мутасаддиларига қаттиқ эътироз билдирди.
Каналларни бетон қилиш орқали йўқотишларни камайтириш, насосларни энергия тежамкорига алмаштириш, сув иншоотларида автоматлашган ҳисоблагич ўрнатиш юзасидан топшириқлар берилди.