Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида “Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси Наманган вилоятига кириш масканида тўхтатилиб кўздан кечирилган.
Натижада автотранспорт воситасининг салони ва юкхонасида четдан ноқонуний олиб кирилаётган, хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дастлабки қиймати 5 млрд 788,9 млн сўмлик жами 24 турдаги 550 га яқин уяли алоқа воситалари борлиги аниқланган.
Ушбу уяли алоқа воситаларининг 250 га яқини “iPhone 15 Pro” ва “iPhone 15 Pro Max” ҳамда 100 га яқини “Samsung galaxy S23 Ultra” ва “Samsung galaxy S23 FE” русумидаги уяли алоқа воситалари бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.