ДХХ Матбуот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 16 октябрга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани “Водил” аҳоли пунктида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан “Бўстон” МФЙ ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар А.М. ва О.Ю. исмли шахслар бошқарувидаги автомобиль тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилган. Натижада, мазкур автотранспорт воситасининг салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Чегара қўшинлари бўлинмасига бориш таклиф этилганида, А.М. ва О.Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари, спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишган.
Натижада, ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмаганлиги боис, чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттирганлар.
Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланилиши оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.