Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясида нутқ сўзлади.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатда туризмни ривожлантириш учун қилинадиган ишлар ҳақида гапирди. Қайд этилишича, “Тошкент–Самарқанд” ва “Навоий–Бухоро” йўналишлари учун яна 6 та тезюрар поезд олиб келинади, юртимизда 600 километр қўшимча темир йўллар қурилади.
2025 йилдан бошлаб “Тошкент–Хива” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади, 2026 йилдан эса ушбу йўналиш Нукус шаҳригача узайтирилади.
Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд” ва “Тошкент–Андижон” йўналишларида хусусий шериклик асосида пуллик автомагистраллар қурилади. Натижада, ушбу йўналишларда манзилга етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради.
"2030 йилга қадар яна 56 та замонавий авиалайнер олиб келамиз ва авиапаркимиздаги самолётлар сонини 100 тага етказамиз. Бундан ташқари, авиақатновлар сони 4 баробар оширилади. Барча аэропортларда “очиқ осмон” режими жорий қилинади, ҳудудлардаги 6 та йирик аэропорт хусусий шериклик асосида янгиланади", - дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади. “Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади.