Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Сингапурда бўлиб ўтган FIRST GLOBAL CHALLENGE робототехника чемпионатида бронза медалини қўлга киритишди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Терма жамоа таркибидан Маҳкамбек Тешабаев, Назарбой Раҳмонов, Абдулазиз Мираҳмедов, Айдар Эрмухон (Тошкент шаҳри) ҳамда Шукрулло Содиқов (Бухоро шаҳри) жой олган.
“Биз Сингапурга кучли жамоани олиб келдик, улар қисқа вақт ичида халқаро чемпионатга аъло даражада тайёргарлик кўрди. Ўзбекистонда робототехника йилдан-йилга жадал ривожланмоқда”, — дейди жамоа устози Сафина Тешабаева.
Маълумот учун, FIRST GLOBAL CHALLENGE ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган робототехника бўйича жаҳон чемпионати бўлиб, бу йилги чемпионатда 191 давлатдан вакиллар иштирок этди.
Терма жамоа бу мусобақада иштирок этиш учун 100 фоиз грант ютиб олган.