Тошкент шаҳар Миробод туманидаги кўп қаватли бинода ёнғин содир бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Миробод тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.
Аниқланишича, ёнғин "Иноқобод" МФЙ, Янги замон кўчасида жойлашган Гринвич МЧЖга тегишли қурилиш биносида юз берган.
Ёнғин рўй бергани ҳақида туман ФВВга 11:45 да хабар келиб тушган. ФВВ ўт ўчириш таркиби ҳодиса жойига 11:50 да етиб борган. Айни вақтда ёнғин бартараф этилган.
Маълумотларга кўра, лак бўёғи ёнган, ёнғин 15 кв.м майдонни эгаллаган, жабрланганлар йўқ.
Ёнғин жойига Миробод тумани ФВБ раҳбарияти ва ходимлари ҳамда туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва ходимлари чиқишган. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.