Поиск
RUUZ

Общество

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда сув ресурсларини барқарор бошқариш учун қандай лойиҳаларни молиялаштиради

Cув ресурсларини бошқариш қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш ва озиқ-овқат билан таъминлашнинг асосий йўналиши ҳисобланади.

166views0replies
0

Ўзбекистон ҳудудининг деярли 80% қурғоқчилдир. Иқлим ўзгариши даврида қурғоқчилик ва сув танқислиги тез-тез учрайдиган бўлиб боради. Кўпгина кичик фермерлар аллақачон сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Шу сабабли сув ресурсларини бошқариш қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш ва озиқ-овқат билан таъминлашнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Европа Иттифоқининг техник кўмагида яратилган сўнгги Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида Ўзбекистон ҳукумати сувни барқарор бошқаришни ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида техник кўмаги бўйича мутахассис Адриан Нил қуйидагиларни таъкидлади: «Биз бу соҳада  ҳал қилмоқчи бўлган асосий муаммо шундаки, сув ва у билан фермерларни таъминлаш қишлоқ хўжалиги бюджетида устунлик қилмоқда ва бу ёмонлашиб бораётган тизимнинг энергия ва техник харажатларини оширмоқда».
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида сувдан самарали фойдаланиш муҳимлигини эътироф этган Европа Иттифоқи Ўзбекистонни сув ресурсларини бошқариш борасидаги саъй-ҳаракатларида фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу, шунингдек, экотизимларни ҳимоя қилиш, айланма иқтисодиётни ўрнатиш ва сув ифлосланишини камайтиришга қаратилган Европа Иттифоқининг янги Яшил Келишувига ҳам мос келади. Хусусан, Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини Европа ва халқаро стандартларга мослаштиришга кўмаклашиб, инвестициялар ва техник ёрдам орқали қўллаб-қувватлайди.
Қуйида Европа Иттифоқининг Ўзбекистонда сув ресурсларини янада барқарор бошқаришга ўтишга ёрдам бериш усуллари ҳақида умумий маълумот берилган.
Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси учун 14,7 миллион евро маблағ ажратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи водийдаги фермерлар учун суғориш ва дренаж тизимлари сифатини яхшилашни мақсад қилган. Энг кўзга ташланадигани, у томчилатиб суғориш тизимларини ривожлантиришни ўз ичига олади.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ASK Facility дастури гуруҳи раҳбари Адриан Нил таъкидлаганидек, Ўзбекистондаги сув ресурсларини бошқариш тизими «том маънода оқмоқда», чунки у кўп сув исроф қиладиган эскирган суғориш усулидан фойдаланмоқда.
«Замонавий тизимларда эса биз еростидаги ва куннинг иссиқлигидан унчалик таъсирланмайдиган, кечаси ёки эрта тонгда суғориладиган томчилатиб суғориш тизимларини кўрамиз. Шундай қилиб, фермерлар ҳам сув оқими устидан кўпроқ назоратга эга бўладилар ва бу ниҳоят қимматбаҳо сувни катта миқдорда тежайди», – дейди Адриан Нил.
Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш лойиҳасининг бенефициари Асила Хусаинова шундай дейди: «Мен аллақачон лойиҳа томонидан ташкил этилган бир нечта тренингларда қатнашдим. Тренинглардан бири инновацион сувни тежаш технологиясига қаратилган эди ва мен томчилатиб суғориш технологияси ҳақида ўрганиб олдим. Ҳозир мен фермер хўжалигимдаги барча ишчиларни ўқитиб, 61 гектар ер майдонида сув ресурсларини тежаш усулларидан фаол фойдаланмоқдаман».
Сув ресурсларини оқилона бошқаришнинг қўшимча афзаллиги шундаки, у фермерларга ўз хўжаликлари самарадорлигини ошириш ҳамда камроқ маблағ сарфлаган ҳолда юқори ҳосил олиш имконини беради. Бу ҳаётнинг барча жабҳалари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон сув каналларининг экологик муҳофазасига ҳам ёрдам беради.
Иқлими қурғоқчил бўлган Фарғона вилояти учун бу янада долзарб масаладир.
«Минтақада сув танқислиги туфайли юқори ҳосил олиш ва бизнесимни бошқа мамлакатларда кенгайтириш қийин эди. Европа Иттифоқи томонидан ташкил этилган тренингдан сўнг мен томчилатиб суғориш технологияси ечим эканлигини англадим. Бу технология сув тақчил бўлганда ҳам фермер хўжалигимнинг ҳосилдорлигини ошириш имконини беради. Фарғона водийси лойиҳаси жамоаси кўмагида 14 гектар майдонда ушбу технологияни жорий этмоқдаман ва маҳаллий ва хорижлик харидорларга сифатли мева етказиб бера олишимга ишончим комил», – дейди “Кўпайсинобод” фермер хўжалигининг директори Шокир Қораев.
Орол денгизини қайта тиклаш
Сув ресурсларини бошқаришни яхшилашга қаратилган яна бир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган лойиҳа Орол денгизи минтақасидадир. Орол денгизи 1960 йилларда қисқара бошлади ва 2010 йилларда унинг катта қисми қуриб қолди. Совет ҳукуматининг пахта етиштиришни сезиларли даражада оширишга уриниши доирасида Амударё ва Сирдарёнинг Орол денгизига оқими чўлларни суғориш учун йўналтирилди. Натижада, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти маълумотларига кўра, 1980 йилдан буён Оролбўйида ўртача йиллик ҳарорат Цельсий бўйича тахминан 1,27 даражага кўтарилган, ёзда ҳарорат анча юқори ва ёғингарчилик камайган.
Орол денгизини қайта тиклаш бўйича миллий ва халқаро ташаббуслар Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланади. Ушбу лойиҳалар барқарор иқтисодий ривожланиш ва минтақанинг икки миллион аҳолиси учун барқарор қишлоқ турмуш шароитини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Биринчи қадамлардан бири пахта каби сувни кўп талаб қиладиган экинлар учун субсидияларни қисқартириш бўлиши мумкин.
Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассиси Адриан Нил шундай дейди: «Шунчаки пахтадан воз кечиб, масалан, боғдорчиликнинг баъзи турларига ўтиш орқали сувдан фойдаланишнинг тобора пасайиб бораётган даражаларига мослашишга ижобий таъсир кўрсатса бўлади».
Барқарор деҳқончилик амалиётини тарғиб қилиш
Кенгроқ маънода Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалигининг узоқ муддатли ҳаётийлиги учун барқарор деҳқончилик амалиётининг муҳимлигини эътироф этади. Шу мақсадда, Европа Иттифоқи Ўзбекистонни экологик тоза ва ресурсларни тежовчи деҳқончилик усулларини жорий этишда фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан ташқари, рақамли воситалар ва Европа Иттифоқи сунъий йўлдоши маълумотларини Европа сунъий йўлдошли глобал навигацион тизимлари (EGNSS) орқали алмашиш иқлимга асосланган амалиётларни осонлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш ҳамда иқлим билан боғлиқ хавф-хатарларга чидамлиликни ошириш учун мўлжалланган. Бу замонавий, экологик тоза сув ресурсларини бошқариш тизимининг яна бир муҳим жиҳатидир.
Барқарор ландшафтларни яратиш
Европа Иттифоқининг сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги кўмаги Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасининг бардошлилиги ва барқарорлигига сезиларли ҳисса қўшди.
Суғориш тизимини такомиллаштириш ва сувни тежаш амалиётини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ва сув исрофгарчилигини камайтиришга олиб келди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг институционал салоҳиятни мустаҳкамлашдаги кўмаги узоқ муддатли барқарорликни таъминлаб, сув ресурсларини бошқариш бўйича қонунчилик ишлаб чиқиш ва бошқарув аспектларини кенгайтирди.
Ҳамкорликни давом эттириш ва тажриба алмашиш орқали Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида сув ресурсларини бошқариш амалиётини янада ривожлантириш имконига эга бўладилар.
166views0replies
0

Комментарии