Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Чехияга расмий ташрифи доирасида умумий қиймати 800 миллион евродан зиёд инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати порталида хабар берилди.
Қайд этилишича, ташриф доирасида ушбу Чехия президенти Петр Павел билан ҳам учрашув ўтказилди. Қабулда дастлаб, Петр Павел президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда олиб бораётган ислоҳотлари ва очиқ ташқи сиёсатларини олқишлади ҳамда давлат раҳбарига самимий саломини етказиб қўйишни сўради.
Учрашувда савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Чехияга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг “Шкода”, “Омнипол”, “Кристал Богемия”, “Примако” ва бошқа етакчи фирма ва компаниялари вакиллари билан тегишли йўналишлар бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш мақсадида бир қатор корхоналарга ташриф буюрилди.