Поиск
RUUZ

Общество

"Ботаника" боғи ҳокимлик тасарруфига ўтмайдиган ва аттракцион ўрнатилмайдиган бўлди

Аммо, "Ботаника" боғидан бошқа бутун республикадаги боғлар ҳам хатловдан ўтказилган.

82views0replies
0

Тошкентдаги "Ботаника" боғи шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши ҳақидаги хабар кенг тандиқларга учраганидан сўнг пойтахт ҳокимлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, Project.gov.uz порталида Вазирлар Маҳкамасининг "Истироҳат боғлари фаолияти ва уларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинган.
Унга кўра, маданият ва истироҳат боғларини вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган "Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари" тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.
"Вазиятни ўрганган ва Ботаника боғи мутахассислари билан суҳбатлашган ҳолда, шуни маълум қиламизки, Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмаган ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас. Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди", - дейилади хабарда.
Аммо, Давлат активларини бошқариш агентлиги боғни хатловдан ўтказиш айнан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда амалга оширилганини маълум қилди.
Агентликнинг маълум қилишича, давлат маданият ва истироҳат боғларининг бино-иншоотларининг мол-мулки ва ер майдонларининг ноқонуний бегоналаштирилиш ҳолатлари аниқланган. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида республика ҳудудидаги барча маданият ва истироҳат боғлари хатловдан ўтказилган.
"Хатлов натижасида ҳудудлардаги 262 та боғлар 153 та ташкилотлар тасарруфида бўлиб, уларнинг айримлари ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолганлиги, уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётганлиги аниқланди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган", - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қарор лойиҳасида боғларни хусусийлаштириш ёки бошқача тартибда бегоналаштириш кўзда тутилмаган.
Фанлар академияси мазкур қарор лойиҳасидан “Ботаника” боғини чиқариш бўйича ўз таклифларини project.gov.uz тизими орқали бугун, 7 октябрь куни тақдим этган. Фанлар академиясининг ушбу таклифи асосида “Ботаника” боғи қарор лойиҳасидан чиқарилган.
Мазкур қарор лойиҳаси барча вазирлик ва идоралар, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қайта ишланиб, Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади.
82views0replies
0

Комментарии