Энергетика вазирлиги хабарига кўра, яшил энергетикани янада ривожлантириш мақсадида 9 миллиард АҚШ долларлик инвестиция битимлари имзоланди.
Охирги 4-5 йилда жами қуввати 7 минг 47 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 21 та битим ҳамда жами қуввати 2 минг 30 мегаватт бўлган 5 та ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилган электр энергиясини транспортировка қилиш шартномаси тузилди.
Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон президенти томонидан 15 та қарор имзоланди.
Мазкур лойиҳаларнинг барчаси хорижий компаниялар томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига бажарилади.
Ўзбекистонда яшил энергетика, яъни қуёш ва шамол электр станциялари истиқболлари учун фаол равишда инвестициялар жалб қилиниши, давлат бюджетидан молиялаштириш ишлари натижасида нисбатан арзон ва экологияга зарарсиз қўшимча энергия манбалари яратилади. Бунинг натижасида энергия истеъмолидаги умумий юкламанинг аста-секин муқобил энергия манбалари ҳисобига нормаллашиб боришига эришилади.
Муқобил энергия манбалари соҳадаги аксарият муаммоларга ечим бўла олади. Аммо уни истеъмолчиларга етказиш учун ҳам мукаммал ва эскирмаган инфратузилма керак.