Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Кампиробод сув омборидан Фарғонага ичимлик суви етказиб беришни режалаштираётгани ортидан пайдо бўлган турли хабарларга муносабат билдирди. У ўз тушунтиришларини "Кабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида айтди.
Қирғизистон раҳбарининг айтишича, айрим оммавий ахборот воситалари Кампиробод сув омбори авваллари Қирғизистонга тегишли бўлган, деб нотўғри ёзишмоқда.
"Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида. Ўтган йили чегара билан биргаликда сув омбори масаласини ҳал қилдик. Шартномага кўра, биз уни 50/50 бошқарамиз. Кампиробод сувининг атиги 10 фоизини Қирғизистон фойдаланади. Қолганлари эса 100 йилдан бери Ўзбекистонга оқиб кетади", - деди президент.
Жапаровнинг сўзларига кўра, томонлар сувнинг 900-горизонталь чизиқдан юқорига кўтарилмаслиги ва қирғиз ерларини сув босмаслигини таъминлайди.
"Ўзбек томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга оқаётган сувни қай усулда олишининг бизга фарқи борми? Қувур орқалими, ариқ ёки ҳаводанми – аҳамияти йўқ. Муҳими, ҳар бир ҳаракат ўзаро келишув асосида қилинади. Бундан буён қирғиз–ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади", - деган Жапаров.
Президент шунингдек, айрим оммавий ахборот воситаларининг провокацияларига берилмасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти ҳокимлиги Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиб келиниши ҳақида хабар берганди. Тоза ичимлик суви тортиш лойиҳалари борасида Хитой компанияси билан келишув имзоланган.