Поиск
RUUZ

Политика

Танзила Нарбаева Қирғизистон парламенти раиси билан учрашди

Учрашувда савдо ҳажмини $2 млрдга етказиш учун имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилиб, қатор соҳалар юзасидан фикр алмашилган.

135views0replies
0

Сенат Матбуот хизматининг хабарига кўра, Танзила Нарбаева Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Шакиев бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг амалий жиҳатларига эътибор қаратилиб, парламентларимиз ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва имзолаш, чегараолди вилоятларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш, парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланишича, ўтган 6 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 баробарга ошди. Жорий йил январь-августида ушбу кўрсаткич - $ 700 млнга етди. Автомобилсозлик, энергетика, электротехника ва тўқимачилик тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Суҳбат давомида икки давлат транспорт-логистика имкониятларини кенгайтирадиган лойиҳаларни амалга оширишда саъйи-ҳаракатларни бирлаштириш, Тошкент ва Бишкек шаҳарларида савдо уйларини очиш каби амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида яқин ўзаро ҳамкорликка ва тажриба алмашишга, турли даражадаги парламент делегацияларининг ташрифларини мунтазам ташкил этишга, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари дўстлик гуруҳлари ва қўмиталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Шакиев Олий Мажлис Сенатининг фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.
135views0replies
0

Комментарии