Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда кўк йўтал бўйича эпидемиологик вазият барқарор – Нурмат Отабеков

Мутахассиснинг сўзларига кўра, кўк йўтал мавсумий бўлиб, асосан эмланмаган одамлар орасида тарқалади. Мамлакатда вазият барқарор экан, хавотирга ўрин йўқ.

463views0replies
0

АОКА

Ўзбекистонда кўк йўтал бўйича эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирга ўрин йўқ. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда кўк йўтал эпидемияси бошлангани ҳақида хабарлар тарқала бошлаганди. Инфекционистлардан бири Бахтиёр Бегматов пойтахтда кўк йўтал авж олганини тасдиқлади.
Биз ўзимиз текширув ўтказдик ва пойтахтдаги бир қанча тиббиёт муассасаларида бўлдик. Маълум бўлишича, 3-шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ҳар куни 20-30 нафар инсонлар кўкйўтал билан ётқизилган. Бироқ, жой йўқлиги сабабли, фақат уч ойгача бўлган болалар қабул қилинмоқда.
"Кўк йўтал - Bordetella pertussis бактерияси келтириб чиқарадиган ўта юқумли касаллик. Ундан азият чекадиган беморларда ОРВИ белгилари, шунингдек, кучли йўтал хуружлари ва қайт қилиш кузатилади. Бу касаллик асосан ёш болалар ва ўсмирларда учрайди, лекин катталарда ҳам бўлиши мумкин", - дейилади ССВ хабарида.
Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан, чақалоқлар 2, 3 ва 4 ойлигида 3 маротаба пентавалент вакцина билан (кўкйўтал, дифтерия, қоқшол, гепатит В ва ХИБ инфекцияларга қарши) эмланади. Бир йилдан сўнг, яъни 16 ойлик даврида АКДС-4 билан қайта ревакцинация қилинади.
Нурмат Отабековнинг айтишича, йил бошидан буён 2 миллионга яқин бола ушбу касалликка қарши эмланган. Хусусан, январь-август ойларида болаларнинг 97,6 фоизи Пента-1, 98,5 фоизи Пента-2 ва 98,5 фоизи Пента-3 олган. 16 ойлик болаларнинг 98,9 фоизи қайта эмланган.
"Кўк йўтал мавсумий бўлиб, у куз-қиш даврида кўпроқ кузатилиши мумкин ва кўп ҳолларда эмланмаган (тиббий имтиёзлар ва рад этиш) ёки эмлашнинг тўлиқ курсини ўтмаганларда ва баъзи ҳолларда эмлашдан кейин иммунитет шаклланмаган болаларда кузатилади", - деди Нурмат Отабеков.
Унинг қайд этишича, касаллик тарқалиш хавфи эмланмаган болалар ўртасида сақланиб қолмоқда, шу боис аҳоли орасида кўк йўтал кам миқдорда бўлсада, қайд этилиши табиий.
"Ушбу касалликни фақат коллектив иммунитетни шакллантириш орқали енгиш мумкин. Бунинг учун ёш болаларни Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ эмлаш керак. Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор, хавотирга ўрин йўқ, бу касаллик асоратсиз ўтиб кетмоқда", — деди Нурмат Отабеков.
463views0replies
0

Комментарии