Зойир Мирзаев Қибрай туманида бошланган кадрларни “тозалаш” ишлари якунланганини маълум қилди. Тошкент вилояти раҳбари Қибрай тумани ҳокимлигида танқидий йиғилиш ўтказиб, унда туман ҳокимлигининг янги таркибини таништирди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда, 64 нафар туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлардаги раҳбар ходимлардан 47 нафари лавозимидан озод этилиб, уларнинг ўрнига ёш, салоҳиятли кадрлар тайинланди. Шунингдек, 17 нафар раҳбар кадрлар туман ҳокимининг кафолати асосида, синов муддати билан лавозимида қолдирилди.
Туман ҳокимлигида ишлаб келаётган 19 нафар раҳбар кадрлар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, 10 нафари иш жойида синов муддати билан қолдирилди. Айни кунларда қолган лавозимларга муносиб номзодлар кўриб чиқилмоқда.
“Раҳбар кадрлар таркибининг ёш коэффициенти бўйича Қибрай тумани бугун вилоятда биринчи ўринга чиқди. Лавозимга тайинланганларнинг 25 нафари 25-35 ёшгача бўлган кадрлардир”, — дейилади вилояти ҳокимлиги хабарида.
“Ҳеч кимга амал никоҳлаб берилмаган. Мен кетсам, иш тўхтаб қолади деган одам хато қилади. Қибрай туманида кадрларни ислоҳ қиламиз. Бу менинг ташаббусим эмас. Президент топшириғи. Ер сотса, амал сотса, палончини одамиман деб ишга чиқмаса — қачонгача бундай бўлади. Бу ислоҳотларнинг бошланиши.
Ишлай олса, замонавий фикрлай олса, атрофига команда йиғолса ишлайди. Вақт ўтиши билан амалдан зерикса, у команда бўлмайди, “шайка” бўлади: “сиз ўтираверинг, ўзимиз тинчитамиз. Мана иккита фуқаро қабулингизга келди, мен қайтариб юбордим”. Фуқарони туман ҳокимини олдига киритмай қайтариб юборган кадр — раҳбарнинг биринчи душмани бўлади. Атрофингизда сизга “пахта” қўядиган одамлар пайдо бўлганлиги, сизнинг амалдан зерикканлигингизга сигнал. Бу ерга олиб келган янги кадрларни ҳам ўзим кафил бўлиб олиб келдим”, — дейди Зойир Мирзаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Зойир Мирзаев Қибрай туманида кадрларни ўзгартириш бўйича танқидий селектор ўтказганди.