Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун АҚШда бўлди.
Ташриф чоғида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Америка брендларини Ўзбекистонга жалб этиш, "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" бренди остидаги чарм-пойабзал маҳсулотларни Ўзбекистон бозорларига етказиб бериш бўйича қатор шартномалар имзоланди.
Хусусан, "Ўзчармсаноат" уюшмаси таркибига кирувчи ва КФК бренди остида маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган Андижон шаҳридаги "Classica Shoes International" корхонаси Американинг "YNK" компанияси билан мактаб пойабзали етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.
Маълумот учун: YNK компанияси АҚШ мактабларининг 1-12-синф ўқувчилари учун мактаб формаси ва пойабзал етказиб беради. Компаниянинг вазифаси ўқувчиларни сифатли ва ишончли кийим ва пойабзаллар билан таъминлашдан иборат. Компания 100% пахта ва тоза теридан кийим ва пойабзал ишлаб чиқариш орқали АҚШ мактабларининг ишончини қозонган. Айнан шунинг учун ҳам АҚШ мактаблари ҳар йили компания билан йирик шартномалар имзолайди.
Ҳозирда "YNK" ҳамкорлари қаторида Ўзбекистоннинг "Classica Shoes International" корхонаси ҳам бор. Дизайн ва ишлаб чиқаришдаги юқори сифат ва халқаро стандартлар Америка компаниясини эътибордан четда қолдирмади – у билан 2024 йил учун 35 минг жуфт пойабзал харид қилиш бўйича экспорт шартномаси имзоланди. Шартноманинг умумий суммаси тахминан 500 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бу бошланиш, албатта, юқори сифатли ўзбек маҳсулотларини АҚШ бозорларига экспорт қилиш ҳажмини оширади.
Шундай қилиб, 2024 ўқув йилидан бошлаб АҚШ мактаб ўқувчилари "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" ёзуви туширилган пойабзалларда дарсларга қатнаша бошлайди.