Энергетика вазирлиги мутахассисининг қайд этишича, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тизимига субсидияларнинг ажратилиши ҳамда катта имтиёзларнинг берилиши мамлакатда молиявий юкнинг ортиши ва бюджет тақчиллигини юзага келтиради.
Электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш харажатларидан паст нархда сотилади. Ушбу харажатларни қоплаш учун бюджет маблағлари йўналтирилади. Бу маблағлар етмаса, соҳа компаниялари банкдан қарз ҳисобига молиялаштирилади. Шу орқали истеъмолчилар учун давлат томонидан субсидия ажратилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, 2021 ва 2022 молия йилларида ушбу мақсадларга 6 триллион сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилган. 2023 йилда эса аҳолига электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқроқ субсидия берилиши кўзда тутилган.
Мазкур маблағлар ишлаб чиқарувчининг харажатларини қоплашга йўналтирилади. Давлат эса аҳолига арзон нархда электр энергияси ва табиий газ етказиб беради. Ўртадаги фарқ бюджет маблағлари ҳамда тизим ташкилотлари ҳисобидан қопланади. Айни ҳолат туфайли тизим ташкилотларининг аксарияти молиявий йилни катта миқдордаги зиён билан якунлашади.
Бундай вазиятда, табиийки, соҳада тегишли модернизация ишларини амалга оширишнинг мутлақо имкони йўқ. Ҳатто куйган ёки синган ускуналарни алмаштириш, узилган электр тармоқларини янгилаш ҳам қийин бўлиб қолади.
Жараён шу тарзда тўхтовсиз давом этаверса, ажратилаётган субсидиялар аянчли иқтисодий оқибатларга олиб келади. Шунинг учун электр энергияси ва табиий газ нархларини эркинлаштириш билан боғлиқ ислоҳотларни зудлик билан бошлаш керак. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.