Бухоро вилоятида 35 ёшли аёл билан интернет орқали танишиб, унинг расмларини монтаж қилиш орқали товламачилик қилган йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Аниқланишича, гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган йигит аёл билан Telegram орқали ёзиб, унинг профилидаги фотосуратларига махсус дастур ёрдамида қайта ишлов берган ва яланғоч ҳолдаги беҳаё фотосуратлари борлигини айтган. Йигит аёлни ушбу фотосуратларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари пул талаб қилган.
Йигит автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси яқинидаги бекат олдида пулларни олаётган вақтда тезкор тадбир давомида далилий ашёлар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 165-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.