Президент Матбуот хизматининг хабарига кўра, давлат раҳбари Нью-Йорк шаҳрига амалий ташриф доирасидаги ишбилармонлик тадбирлари давомида "Air Products" компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми билан учрашув ўтказган.
Учрашувда АҚШ Давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ўринбосари Жеффри Пайетт ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари, жорий лойиҳаларнинг бориши ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар кўриб чиқилган.
Ҳозирда Ўзбекистонда "Air Products" томонидан "Uzbekistan GTL"да саноат газларини қайта ишлаш, "Навоийазот" негизида синтез-газ, кислород ва азот, суюлтирилган карбонат ангидрид ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Суҳбатда кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний ишлаб чиқариш ҳамда аччиқ газларни утилизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, "Air Products" компаниясининг Ўзбекистон учун қиймати 10 млрд доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар алмашилди.
Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев "Air Products" бошқаруви раиси Сейфи Гасемига шахсан юксак давлат мукофоти – "Дўстлик" орденини топширди.