UzAuto Motors компанияси автомобилларнинг қўшимча ҳажми учун контрактацияни очмоқда. Бу ҳақда компания Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, барча мавжуд ранглардаги Chevrolet Cobalt, Lacetti, Damas ва Labo автомобилларининг қўшимча партиясини ишлаб чиқариш ва сотиш имкониятлари ҳам ишлаб чиқилди.
"Бугун, 18 сентябр куни UzAuto Motors расмий сайтида кўрсатилган комплектация ва ранглардаги Chevrolet Cobalt, Lacetti, Damas ва Labo автомобиллари учун контрактация очилмоқда. Автомобиллар сони чекланган.
Автомобиллар учун шартномани фақат Chevrolet'нинг дилерлик марказларида тузиш мумкин. Аввал мавжуд бўлган онлайн шартнома тузиш имконияти ҳозирда йўқ.
UzAuto Motors автомобилларни етказиб бериш муддатини қисқартириш мақсадида ишлаб чиқариш жадвалига мувофиқ савдо тизими жорий этилаётганини эслатган. “Барча тузилган шартномалар бўйича автомобиллар қисқа вақт ичида ўз эгаларига етказиб берилади”, – дея маълум қилган компания.
Маълум қилинишича, агар бир шахс номига йилига бир хил модел учун 2 тадан ортиқ автомобил харид қилинса, компания шартноманинг 3.1.2 бандига асосан автомобилларни етказиб бериш муддатини узайтиради.