Поиск
RUUZ

Наука

Шавкат Мирзиёев академик Наим Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Адабиётшунос олим кеча 91 ёшида вафот этган эди.

87views0replies
0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни филология фани соҳасида атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Наим Каримов вафот этди.
Н.Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1955 йилда Ўрта Осиё давлат университетини тамомлаб, ушбу олий таълим муассасасининг аспирантурасида таҳсил олди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1958 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаб, катта ва етакчи илмий ходим, бўлим мудири вазифаларида ишлади.
Н.Каримов ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича кенг қамровли фундаментал тадқиқот ва изланишлар олиб бориб, ушбу йўналишда ўзига хос мактаб яратган.
Хусусан, маърифатпарвар жадидларнинг ҳаёти ва фаолияти, ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ижодига бағишланган кўплаб монография ва тадқиқотлари, маърифий романлари ҳамда мингдан ортиқ илмий мақолалари, қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари адабиётшунослик фанига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Олим жаҳон адабиётининг бир қатор сара асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиш билан бирга, тарихий мавзуларда йигирмага яқин ҳужжатли фильмларни яратишда ҳам фаол иштирок этди. Унинг бевосита раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланган.
У "Ўзбекистон Республикаси фан арбоби", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвонлари, "Эл-юрт ҳурмати" ордени ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотларига сазовор бўлган эди.
"Атоқли олим, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Наим Каримовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади",- дейилган ҳамдардлик мактубида.
87views0replies
0

Комментарии