Эслатиб ўтамиз, ўтган қишда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши туфайли республика энергетика тизимига юклама сезиларли даражада ошди. Электр энергияси истеъмолининг кескин ўсиши соҳа инфратузилмасига жиддий путур етди, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилди, 7548 та трансформатор таъмирдан чиқарилди, 2 минг 940 километр ўтказиш линиялари янгиланди, 22 минг 112 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. 1257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланди.
Масъул мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу йил аҳоли ўтган йилдагидек чуқур энергетика инқирозига дуч келмайди, аммо саноатни янада модернизация қилиш ва яна бир тўхтаб қолишнинг олдини олиш учун қўшимча молиявий ресурслар зарур.
Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги 5 йил ичида республика электр тармоқларини янада модернизация қилиш учун 3,7 миллиард АҚШ доллари керак бўлади.
Таъкидланишича, нархларни шакллантириш жараёнига бозор механизмларини олиб кириш, тизимда эркин бозор қонуниятлари ишлашини йўлга қўйиш энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга имкон беради. Натижада аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун шарт-шароит яратилади.