Поиск
RUUZ

Общество

Тижорат банкларига нисбатан автокредит бўйича талаблар кучайтирилдими? — МБ жавоб берди

Марказий банк ижтимоий тармоқда тарқалган банклар автокредитга "ёпишиб олгани" ҳақидаги хабар юзасидан тушунтириш берди.

308views0replies
0

UzNews.uz

Куни кеча ижтимоий тармоқда автокредит учун талаб кучайтирилгани, тижорат банклари кредит портфелининг 25 фоизидан ошмаслиги кераклиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам Марказий банк автокредитлар таваккалчилигини тийиб тўғри қилаётганини маълум қилди. Унинг ёзишича, Марказий банк регуляцияга киришиши керак. Акс ҳолда, кредиторлар, омонатчилар олдида масъулиятсизлик пайдо бўлади.
"Айрим банклар, уларни номини айтиш шартмас, худди гиёҳванддек битта манбага — автокредит ажратишга ўтириб қолган. Бозордаги ҳар қандай қалтис ўзгариш ўша банкларга қўшиб бутун банк тизими барқарорлигини издан чиқариши мумкин. Агар регулятор бу жараёнларга кузатувчи бўлиб қоладиган бўлса, эртага нафақат автокредитга алоқадор банклар ва қарздорлар, балки бутун ўзбекистонликлар оғриқли оқибатларни танасида ва чўнтагида кўришади", - дейди Бакиров.
Марказий банк Матбуот хизматининг хабар беришича, МБ 12 сентябрь куни банкларнинг кредит портфелида концентрация таваккалчилиги ҳолати юзасидан қарор қабул қилган.
Бунда банклар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, активлари бўйича йўқотишларга оид таваккалчиликни камайтириш мақсадида ўз активларининг диверсификация қилинишини таъминлаши кераклиги белгиланди.
Марказий банк томонидан банклар фаолиятига таъсир кўрсатувчи таваккалчиликлар аниқланганда, уларнинг барқарорлигини сезиларли даражада ёмонлаштирувчи таваккалчиликларга сабаб бўладиган айрим молиявий операцияларни амалга оширишга белгиланган чекловларга риоя этиш талабларини кучайтириши таъкидланди.
“Сўнгги йилларда банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар таркибида автокредитлар улушининг кескин ортиши концентрация таваккалилигини вужудга келтириб, мазкур йўналишда юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишларнинг банклар барқарорлигига таъсири хатарларини ошишига сабаб бўлмоқда. Шу сабаб тижорат банкларига кредит портфелининг диверсификация қилинишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, МБнинг ушбу кўрсатмаси банклар томонидан автокредитлар ажратилишини тақиқламайди ҳамда таклиф этилаётган фоиз ставкалари ошишига таъсир кўрсатмайди.
308views0replies
0

Комментарии